Аҳолини рўйхатга олиш тартиби

02.06.2021 463 Yangiliklar
Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда ўтказилади
June 02, 2021

  Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар 

ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Хўш, нега айнан 10 йилда бир марта? Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. Аввало, 10 йил ичида жамиятда салмоқли ўзгаришлар рўй беради. Аввалги рўйхатга олиш усуллари самарадорлиги сезиларли даражада камайиши сабабли, сўровномалар мазмунига тузатишлар, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш усулларига замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

 Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг жорий ҳисоби бўйича маълумотлар мавжуд, бироқ охирги маротаба 1989 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилганлиги инобатга олинса, мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти. 

Шу муносабат билан, Ўзбекистонда ана шундай муҳим тадбирни 2023 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасиинг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.