ХИВА ТУМАНИ ҲОКИМИ О.А.МАТЯКУБОВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ  

19.07.2021 396 Yangiliklar

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон Ҳайити байрами билан Сиз азизларни ва Сизлар орқали барча оила аъзоларингизни чин қалбимдан табриклайман.

Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Ушбу муқаддас айёмда Сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз.

Муқаддас Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.

Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта. Ўтган қисқа вақт давомида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради.

 

Она юртимизнинг келажаги буюк, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимизнинг раҳнамолигида амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилайлик.

Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда барча Хиваликларни бугунги айём Қурбон Ҳайити байрами билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.