Мустақиллик – Энг улуғ бахт

08.09.2021 334 Yangiliklar
Халқимиз тарихида озодлик учун олиб борилган курашлар, жасорат ва матонат сабоқларини бир-бир санаб ўтадиган бўлсак мамлакат мустақиллиги бебаҳо, нақадар ноёб эканини англаймиз. Нажмиддин Кубронинг юрт байроғини қўлда тутиб жон бергани, Мангубердининг юртни ёвга бермаслик учун олиб борган курашлари, Ҳазрати Чўлпоннинг «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен» деган оташин сатрлари эркнинг қийматини, инсон озодлигининг нечоғлик ноёб эканини исботлаб беради.
Азалдан халқимиз олтину тиллолар учун эмас, эрки учун курашган халқ. Бизга мустақиллигимиз бир омад чиптасидек келиб қолгани йўқ-ку. Халқимиз қонлар-у, жонлар эвазига эришдику бу иноятга. Мустақиллик нима ўзи, у бизга нима берди, каби саволларни кўп эшитамиз. Назаримда мустақиллик, озодлик сўзлари барчага бирдек тушунарли, бирдек азиз ва улуғ.
Мустақилликсиз биз қандай аҳволда эдик? Эрки ўз қўлида бўлмаган халқнинг ҳоли нима кечади? Озод бўлмай туриб, халқ халқ бўла оладими? Биз мамлакат ва халқ сифатида ҳеч нарсани ўзимиз ҳал этмаган даврдаги кўплаб ҳолатлар мустақилликнинг, озодликнинг қийматини англатса ажаб эмас, деб қуйидагиларни санаб ўтмоқчиман: Амалда ишламайдиган Конститутцияга эга эдик; давлат тили ўзбек тили эмас эди, яъни ўз тилимизга эгалик қилолмасдик; ўз давлат рамзларимиз йўқ эди. Тарихимизб муқаддас динимазб миллий қадриятларимиз ҳақида овзимизни чиқариб гапиролмасдик, гапирганларнинг эса овози тезда “ўчирилар” эди. 
Соҳибқирон Амир Темур, Шайҳ Нажмиддин Кубро, Буюк Жалоладдин Мангуберди жасоратларини бир эслаб кўрайлик. Ҳар бирида давлат рамзи бўлган байроқ билан боғлиқ воқеликлар бор. Бу бежиз эмас албатта. Уларда миллат ғурури акс этган, давлатнинг давлат эканини англатувчи рамзга бўлган ҳурмат ва муҳаббат ифодасини топган. Шу биргина рамзнинг аҳамияти шундай улуғ экан мустақилликнинг қийматини ҳеч бир нарса билан қиёс қилиш мумкин эмас.
Ўтган асрни бир эслаб кўрайлик. Қисқа вақт ичида халқ орасида ўқув алфавити икки марта ўзгарган эди. Бу ҳам беписандлик, халқни саводсиз деб айблаш учун қўйилган тузоқ эди аслида. Сўз ва фикр эркинлиги буғиб ташланганди. Мустақиллик бизга дилда неки қайғу ва ё қувонч бор, барчасини тўкиб солмоқ, халқнинг айтса тили, айтмаса дили куядиган дард-ларини айтиш имконини берди!
Мустақиллик энг аввало тинчликни кафолатлади, инсон ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлади, фуқароларимиз саломатлиги ва фаровон ҳаёти билан боғлиқ ҳолатларни яхшилашимизга имкон яратди. Тилимизга давлат мақомини берди, тилимизни бийрон қилди. Мустақиллик бизга бирлашиб, халқ бўлиб юксалсак, юқорида саналган фожеаларни қайта юз бермаслигига кафолат берди! Инсон ҳуқуқи ва халқнинг иродаси олий қадрият эканини анг¬латди ва англатмоқда!
Истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, янгиланишлар барча юртдошларимизни албатта, қувонтирди. Айниқса, бугунги кунда сўз эркинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамга одамдек яшаш имконини яратиш, бунёдкорлик, ободончилик, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатни, гўзал иштиёқни жўштирмоқда, деса асло хато бўлмайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан яна бир бор танишиб чиқдим. Унда иқтисодий ислоҳотлар натижасида одамларнинг ҳаёт даражасини кўтариш билан бир қаторда адабиёт орқали халқ маънавиятини юксалтириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини кенг тарғиб қилиш, ёшларни маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятига, китоб мутолааси маданиятига бўлган эътиборни кучайтириш ғоясига жуда кенг ўрин берилган. Жорий йил унда белгиланган ишлар қай даражада амалга оширилгани сарҳисоб қилинадиган вақтдир. 
Бугун телеэкранларимизда барча соҳаларнинг муаммолари очиқ айтилмоқда. Ҳокимият вакиллари оддий халққа яқинлаштирилди, юртдошларимиз билан ҳокимликлар ўртасида аллақачонлар узоқлашиб кетган масофалар қисқартирилиб, лавозим эгалари халқ ичига бормоқда. Халқни тингламоқда, юрагига қулоқ тутмоқда. Мустақиллик дегани ҳам аслида халқнинг юрак уришини худди табиб каби англаш, унга малҳам бўлиш деганидир!
Бир ҳақиқатни ёшларимиз англашлари лозимки, озодлик олий неъмат, фақат шу юртнинг тупроғи дардимизга малҳам бўла олади ва болаларимизнинг ҳар бири Ватанининг, халқининг корига ярай оладиган байроқдор фарзандлар бўлишлари лозим! Илдизлари минг йилликларга бориб етган бу халқ ҳар не юмуш айтса, елка тутиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимизга айлансагина биз дунёдаги энг бахт¬ли халқлар сафида бўламиз.
Давлат мустақиллиги – бу халқнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ барчанинг ўз юрти ва халқи тақдири олдидаги масъулиятини ҳам англатади.


Хива туман хокимлиги ахборот хизмати раҳбари.                                                   М.Юсупов