⚡️⚡️ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШ ЖАЗОСИНИ ЎТАБ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ ПУЛИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

26.04.2023 198 Yangiliklar
⚡️⚡️ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШ ЖАЗОСИНИ ЎТАБ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ ПУЛИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

     ❇️ Савол: Мен яқинда жазони ижро этиш муассасидан чиқдим. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун моддий ёрдам пулини қандай тартибда олишим мумкин?

     ✅ Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низом билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тартиби белгиланган.

     💵 Ёрдам пули ҳар бир кўмак олувчига унинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш учун тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга оширишни молиялаштириш мақсадида бир марта берилади.

     💸  Ёрдам пули меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида берилади.

     🏢 Кўмак олувчиларга ёрдам пуллари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида ташкил этилган Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади.

     👮🏼‍♂️ Ички ишлар органлари пробация хизмати Идоралараро комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

     📑 Юқоридаги Низомнинг 17-бандига асосан, кўмак олувчиларнинг лойиҳасини молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосани тайёрлаш қуйидаги мезонларга асосланади:

     бошламоқчи бўлган тадбиркорлик, меъморчилик ёки ҳунармандчилик фаолиятининг натижадорлиги ва даромадли эканлиги;

     маҳалла фуқаролар йиғинининг ижобий тавсияси;

     кам таъминланган ёки ёлғизлиги;

     қарамоғида ногиронлиги бўлган ёки вояга етмаган фарзанди борлиги;

     кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзанди борлиги ва моддий кўмакка муҳтожлиги;

     нотурар жойларда истиқомат қилаётганлиги.

     Идоралараро комиссия кўмак олувчиларнинг лойиҳасини ушбу мезонларга қатъий риоя этган ҳолда холисона баҳолайди.

     🏦 Идоралараро комиссиянинг кўмак олувчилар тақдим этган лойиҳани молиялаштириш юзасидан киритган хулосаси Идоралараро комиссия раиси томонидан тасдиқлангандан сўнг кўмак олувчига Халқ банки томонидан моддий ёрдам пули берилади.