“Оғуфурушлик – ҳалокатли йўл ёҳуд жиноят ботқоғига ботган ҳаёт”

18.06.2025 34 Yangiliklar
“Оғуфурушлик – ҳалокатли йўл ёҳуд жиноят ботқоғига ботган ҳаёт”

Бугун мамлакатимиз таррақиёти янги-янги чўққиларни забт этмоқда. Лекин келажагимизга таҳдид солувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муамола қилиш жинояти билан кўрашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг хамон учраётганлиги жуда ачинарли ҳолат. Айниқса, мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда.
Бироқ ҳар кандай жиноий қилмишга жавобгарлик белгиланган.
Хива туманида яшовчи Ё.Саидов(исм-фамилия ўзгартирилган) оиласининг ягона боқувчиси бўлишига қарамасдан бирон-бир ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб оиласини таъминлаш ўрнига гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш ва спиртли ичимликка ружу қўяди. У уйида турли хил жанжаллар қилиб, фарзандлари ва турмуш ўртоғига, ҳаттоки пенсионер онасига ҳам таъйзиқлар ўтказиб, оиласидагилар ҳалол меҳнат қилиб топган пулларини, ҳаттоки онасининг нафақа пулларини олиб, шу пулларга гиёҳвандлик воситаси ва спиртли ичимлик сотиб олиб истеъмол қилиб келади. Ўғлининг жанжаллари ва таъзйиқларидан чарчаган, набиралари ва келинининг азобланишларига чидай олмаган она ўғли Ё.Саидов ҳаракатларидан ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Ё.Саидов оиласидагиларга ўтказган таъйзиқлари ҳамда жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқади, спиртли ичимликка ружу қўйган шахс сифатида туман ИИБнинг ҳисобига олинади. Кейинчалик оила аъзоларидан пул ундириб билмаслигини англаган Ё.Саидов буёғига энг хавфли жиноятлардан бири ҳисобланган гиёҳвандлик воситаси олди-сотдиси орқали пул ишлашни ва шу билан ўзининг “ширингина ҳаёти”да яшашни мақсад қилади.
Ё.Саидов 2024 йил 24 октябрь куни соат 18:31дан 19:40гача бўлган вақт оралиғида Хива тумани, Оқёп қишлоғи “Қорақум” маҳалласи ҳудудида Хива тумани ИИБ ТҚХ ЖҚБ ва ТҚКГ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор-қидирув тадбири давомида махсус харидорга бир бўлак қоғоз парчасига ўралган вазни 0.35 гр. “Героин” гиёхвандлик воситасини сотган вақтида ушланади.
Ушбу ғайриқонуний ҳаракати учун Ё.Саидов жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2025 йил 28 январдаги ҳукмига асосан  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 
3 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.



Жиноят ишлари бўйича 
Хива туман судининг раиси Д.Атамуратов