Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида Республика миқёсида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади — оилавий (маиший) зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик каби жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ижтимоий оқибатларини камайтириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир.
Сўнгги йилларда давлатимизда гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг ҳар қандай шаклига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Олий суд ҳам ушбу йўналишда фаол иштирок этиб, фуқароларга ҳуқуқий маданиятни ошириш, қонун устуворлигини тарғиб қилиш борасида ташаббусларни илгари сурмоқда.
Акция доирасида судялар томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш, мақолалар эълон қилиш ва телекўрсатувларда иштирок этиш режалаштирилган. Бу орқали жамоатчиликка оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги тамойилининг амалда таъминланаётгани ҳақида маълумот берилади.
Олий суд томонидан амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, оила институтининг мустаҳкамлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят ишлари бўйича
Хива шаҳар судининг раиси
Ж.Жуманиёзов