Аҳолини рўйхатга олишнинг усулини танлаш - тадбирнинг мақсадига эришишнинг асосий мезонларидан биридир. Қуйида жаҳон тажрибасида аҳолини рўйхатга олиш қандай усулларда ўтказилиши юзасидан маълумот берамиз:
Сўров усули — рўйхатга олиш махсус анкетани тўлдириш, юзма-юз суҳбат асосида, инспектор томонидан амалга оширилади. Бу Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ мамлакатларида қўлланилади.
Ўзи ҳисоблаш ва тўлдириш усули — махсус анкета рўйхатга олинувчи шахс томонидан тўлдирилади. Шунингдек, бунда бир оилада истиқомат қилаётган айнан бир нафар шахс фарзандлари ёки яқинлари учун тўлдириш мумкин. Рўйхатга олувчи инспектор эса анкетанинг тўлдирилишини назорат қилади, холос. Бу усулдан Европадаги бир қатор давлатларда фойдаланилади.
Аралаш (анкетали) усул — махсус анкета рўйхатга олинувчилар манзилига почта ёки интернет орқали юборилади. Фуқаролар анкетани тўлдириб, статистика хизматига қайта жўнатади. Анкета келмаган манзилларга эса масъуллар юборилади. Ушбу усул камхаржлиги билан ажралиб туради. Бироқ амалда бу усул кутилган натижани бермаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 710-сонли Қарори билан белгиланган шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, мамлакатимизда рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда —қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.