Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш натижалари кейинги фаолиятимиз учун асосий мезондир  

26.01.2022 406 Yangiliklar

      Хива шаҳрида 2021 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган синов тадбири 2023 йилда республикамизда ўтказиладиган умумий аҳолини рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик бўйича  олдинда   қилишимиз лозим бўлган ишларимиз кўплигини кўрсатди. Дарҳақиқат синов ўз йўли билан синов, тажриба орттириш, турли хил усулларни қўллаб кўриш амалиёти ҳисобланади. 

      Синов тадбирини ўтказиш давомида юзага келган муаммо ва камчиликларни жойида ҳал қилиш орқали шахсий кўникмамизни ошириб борган бўлсак, рўйхатга  олиш  жараёнларида кузатувчи сифатида  иштирок   этган  хорижий давлатлар ва ташкилотларнинг экспертларидан  халқаро тажрибани ўргандик. 

      11 кишидан иборат халқаро  кузатув  миссияси   томонидан тадбирни янада сифатли ва замонавий  усуллардан   фойдаланган  ҳолда  ўтказишга доир берилган бир қатор  таклиф ва тавсиялар эса келгусидаги фаолиятимизни белгилаб олишда катта аҳамиятга эга бўлди.

    Жумладан,  саволномаларни  миллий   менталитетга  мослаштиришни  янада   такомиллаштириш, планшетлардан кенг фойдаланиш, интернет тармоғи орқали рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш каби   йўналишларга  алоҳида  эътибор   қаратилди. Боиси, планшет усулида рўйхатга олиш жараёни қоғоз  усулига   қараганда  қулайлиги,  тезкорлиги   ва самарали экани кузатилди. Агар қоғоз услубида ишлаган бир ходим ўртача 350 тадан 400 тагача шахсни рўйхатга олган бўлса, планшетда ўртача 500 тадан 750 тагача тўғри келди.

       Қайд   этиш  жоизки,  синов   тариқасида  аҳолини рўйхатга  олишга   тайёргарлик  кўриш  ва   уни  ўтказиш жараёнлари кейинги фаолиятимиз давомида амалга оширишимиз лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олишимиз учун мезон бўлди. Хусусан, 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини ялпи рўйхатга олиш ишларига тараддуд кўриш мобайнида маҳаллаларнинг хариталарини янада мукаммал, имкон қадар электрон шаклда қайта тайёрлаш,  юзага келиши мумкин бўлган ноаниқликларга барҳам бериш мақсадида хонадонларда яшовчи шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш,   оммавий ахборот  воситалари,  расмий   веб-сайтлар,  ижтимоий тармоқларда ҳамда маҳаллалар кесимида тарғибот-ташвиқот   ишларини узвий ташкил этиш орқали   кенг жамоатчиликни тадбирдан тўлиқ хабардор қилиш каби муҳим вазифаларни бажаришимиз даркор. 

   Синов натижаларидан келиб чиқиб, 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш дастури, рўйхатга олиш саволномалари, методик қўлланмалар ва норматив ҳужжатларга   тегишли  ўзгартиришлар  киритилади ҳамда маълумотларни қайта ишлаш бўйича ахборот тизими такомиллаштирилади.

   Ўз навбатида аҳолини ялпи рўйхатга олиш натижалари миллий барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторларини шакллантириш,  халқаро рейтинглар  ва  индексларда, жумладан, Статистика салоҳияти индекси, Инсон баркамоллиги индекси, Иқтисодий эркинлик индекси кабиларда мамлакатимизнинг ўрнини юксалтиришга хизмат қилади.

          Маълумот ўрнида: Хива шаҳрида ўтказилган синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири давомида қоғоз шаклида йиғилган ахборотлар  2022 йилнинг 1 январи 1 аперлига қадар  вилоят статистика бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказида электрон тизимга киритилади ва якуний натижалар умумлаштирилиб, таҳлил қилингач Давлат статистика қўмитаси нашрларида расман эълон   қилинади.